Асосий -> Янгиликлар -> Қўмита янгиликлар -> Давлат статистика қўмитасининг янги логотипи ишлаб чиқилди

Давлат статистика қўмитасининг янги логотипи ишлаб чиқилди

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари қатори статистика соҳаси ҳам тубдан ислоҳ қилиниб, унга халқаро стандартлар ва илғор жаҳон тажрибаси кенг татбиқ этилмоқда. Натижада, бундай ислоҳотлар замирида статистика идоралари мамлакатимизнинг муҳим макроиқтисодий кўрсаткичларини замонавий усулларда аниқлик, шаффофлик ва ошкоралик тамойиллари асосида шакллантириши кўзда тутилган.

Бугунги замонавий талаблар асосида статистик ҳисоботларни қабул қилишда инсон омилига чек қўйиш, рақамлаштирилган иқтисодиётга ўтиш ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги имижини ифодалайдиган рейтингларда қатнашиш, статистик маълумотларни фойдаланувчилар учун қулай форматларда эълон қилиш каби масалалар тизим олдига қўйилган долзарб вазифа ҳисобланади.

 Ана шундай талаблардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси янгиланаётган, ривожланаётган Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги кўрсаткичларини акс эттирадиган муҳим кўзгусига айланиши, ўзининг қатъий позитсиясини намоён этишни мақсад қилган янги логотипини ишлаб чиқди.

Давлат статистика қўмитасининг янги логотипида лотинчадаги “С” –  идора номининг бошланғич ҳарфини ифодалайди. Статистикани билдирувчи “С” ҳарфининг яшил рангда тасвирланиши мавжудлик, барҳаётлик, ҳаракатланаётган жараённи ҳамда маълум бир даврийликни ифодалайди.

 “С” ҳарфининг ўртасида жойлашган диаграмма кўк-оқ ва қизил рангда белгиланган. Статистик маълумотларнинг ўсиши ва камайишини ифодалайдиган белги (диаграмма)нинг кўк-оқ рангда келтирилиши ҳамда ранглар орасидаги узуқлик маълумотларнинг очиқлиги, ошкоралигини белгиласа, кўк ранг – ҳаққонийлик ва тўғриликни ифодаласа, оқ ранг эса шаффофлик тамойилини ўзида акс эттиради. Диаграммадаги ўсиш ва камайиш суръатини англатаётган кўрсаткич белгининг қизил рангда келтирилиши аниқлик, жадалликни ифодалайди.

Логотипдаги “УЗСТАТ” қисқартма сўзи Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг умумеътироф этиладиган ягона номи сифатида мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги иштироки ва статистика идораларининг халқаро ҳамжамиятдаги ҳамкорлигида муҳим аҳамият касб этиши кўзда тутилган.

Янги логотипни кўк чизиқли доирада қамраб олиниши – статистика идоралари ўз маълумотларининг ҳаққонийлиги, ишончлилиги ва дахлсизлигини таъминлашини англатади.

Давлат статистика қўмитаси

Ахборот хизмати

 



  • X
    Комментарий: Имя: Email:
    Введите код с картинки: