Асосий -> Янгиликлар -> Марказ янгиликлар -> Марказнинг маънавий-маърифий тадбирлари амалда

Марказнинг маънавий-маърифий тадбирлари амалда

    Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари марказининг “Статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил этиш, чоп этиш ва тарқатишнинг халқаро амалиётдаги замонавий усуллари” ўқув курси (Давлат статистика қўмитаси аппаратининг бош ва етакчи мутахассисларидан иборат)  тингловчилари билан биргаликда 2018 йил 25 январь куни гуруҳ мураббийси Ф.Умаров раҳбарлигида “Шаҳидлар майдони” ҳамда “Қатағон қурбонлари хотираси” музейларига ташриф буюришди.
   Тингловчилар гуруҳ мураббийси бошчилигида “Шаҳидлар майдони” билан яқиндан танишдилар. Гуруҳ мураббийси Ф.Умаров майдон ҳақида, унинг қандай ташкил топганлиги, тарихи, шунингдек, Юртбошимиз ташаббуси билан майдонда бунёд этилган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ҳақида талабаларга батафсил маълумот бериб ўтди. Зиёрат чоғида талабалар майдон ҳақидаги ўзларини қизиқтирган барча саволларига тўлақонли жавоб олдилар. Зиёрат ўз якунига етгач, унинг мантиқий давомини амалга ошириш мақсадида, майдонда қад кўтарган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига экскурсия уюштирилди.
   Музейнинг ташқи кўриниши: “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи “Шаҳидлар хотираси” майдонининг марказида жойлашган бўлиб, майдонга янада кўрк ва файз бағишлаб турибди. Музейнинг томи вазифасини ўтовчи “Кўк гумбаз” “Уста” бирлашмаси томонидан ишланган. Бино атрофидаги 28 та устун Қўқонлик уста Абдуғани Каримов ва унинг шогирдлари томонидан “ёғоч ўймакорлиги” усулида ишланган. Бино тўрт эшикдан иборат. Булардан бири Қўқон усталари, бири Самарқанд усталари, иккитаси тошкентлик усталар томонидан “ёғоч ўймакорлиги” усулида жуда катта дид билан ишланган.       
   Ҳозирги кунда музей ичига тошкентлик усталар томонидан ясалган эшик орқали кирилади. Музейнинг ички кўриниши: Музей зали ёруғ ва шинам. Зал марказида “Изтироб ҳайкали” ўрнатилган. Унда фарзандини кутаётган ота-она, ўз ёрини соғинган аёл, ота меҳрига тўймаган бола тасвирланган. Деворларга музейни бўлимларга ажратувчи, мавзуларга оид, ўша даврларга хос лавҳа – суратлар осилган.
   Музей 7 бўлимдан иборат. 1. XIX аср ўрталари ва охирлари. 2. 20-йиллардаги қатағон. 3. “қулоқ”лаштириш даври. 4. 30-йиллардаги қатағон. 5. 40-50-йиллардаги қатағон. 6. 80-йиллардаги қатағон. 7. Мустақиллик йилларида қатағонларни хотирлаш ва эъзозлаш.
   Ҳар бир бўлимда шу даврга оид ҳужжатлар, маҳфий қоғозлар, расмлар, давр лавҳалари ва экспонатлар бор. Миллатимиз фахру ифтихори бўлган Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон сингари юзлаб улуғ зотларнинг ҳам шу ерда қатл этилганлиги яқингача кўпчиликка маълум эмас эди. Барчамизнинг тақдиримизга дахлдор бўлган тарихий адолатни тиклаш, халқимиз ва миллатимизнинг яқин ўтмишдаги ҳали-ҳануз сир бўлиб келаётган ёпиқ саҳифаларини тўла очиб бериш, шу тарихдан сабоқ чиқариб, бугунги ва келажак ҳаётимизга онгли қарашни манна шу ёдгорлик ҳамда музей ўргатиши шубҳасиз. Зеро, музейларни ташкил қилишдан мақсадимиз ҳам шу жамият ва яшаб турган инсонларнинг ўз ватани тарихига бефарқ қолмасликлари, айниқса ёшларнинг ўзларидан катта аждодлари ҳаёти ва тутган йўлларини яхши билиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, Ватан озодлиги, тинчлиги, фаровон ҳаёти учун улардек мардларча, фидокорона меҳнат қилишлари сари илҳомлантиришдир. Ўзлигини англаган ҳар бир фуқаро шу юртнинг келажаги, фарзандлар камоли ва яхши турмуши учун бор куч-қувватини сафарбар қилганликлари ҳақида маълумот берилди.
   Ташриф мобайнида талабалар музейдаги экспонатлар, улар билан боғлиқ хотиралар, тадрижий маълумотлар борасида билимларини янада оширдилар. Умуман олганда мазкур ташриф тингловчиларнинг маънавияти, маданияти, билими, ўзлигини, тарихини янада кенг англаши учун маълумотлар базаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.
   Тадбирдан фотолавҳалар тақдим этилади.


  • X
    Комментарий: Имя: Email:
    Введите код с картинки: