Асосий -> Институт ҳакида -> Кафедралар ва бўлимлар -> Меҳмонхона туридаги ётоқхона

Меҳмонхона туридаги ётоқхона

МЕҲМОНХОНА ТУРИДАГИ ЁТОҚХОНА 

НИЗОМИ


 I.  Умумий қоидалар

 1.1.Институтнинг меҳмонхона туридаги ётоқхонаси (бундан сўнг Ётоқхона деб юритилади) тўғрисидаги мазкур Низом ётоқхонанинг мавқеи, асосий вазифалари, функциялари ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва бир қанча қонун ости ҳужжатлари ҳамда меҳмонхона хизматини кўрсатиш тартиблари асосида ишлаб чиқилган.

1.2.Ётоқхона Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти (бундан кейинги ўринларда Институт деб юритилади) Устави  ва мазкур Низомга мувофиқ ўз фаолиятини юритади ва институтнинг ажралмас бўғини ҳисобланади ҳамда институт таркибига киради.

1.3.Ётоқхона малака ошириш учун келган ва хизмат сафарида бўлган Давлат статистика қўмитаси тизими ходимларини, мавжуд бўш ўринларга эса Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларидан келган меҳмонларни, у шахс қаерда рўйхатга олинганидан қатъий назар, вақтинча яшашлари учун хизмат қилади.

Ётоқхонага чет эл фуқароларини жойлаштиришга рухсат этилмайди.

Ётоқхонага тизимдан ташқари келган меҳмонлар гуруҳини қабул қилиш институт раҳбарияти рухсати билан амалга оширилади.

Келишилган муддат тугагандан сўнг фуқаролар эгаллаган жойларини бўшатишлари лозим.

Дастлабки келишилган муддат тугашидан 2 соат олдин фуқаро яшаш муддатини ётоқхона маъмурига мурожаат қилиб, узайтириши мумкин.

Агар жойлар тингловчилар ёки тизим ходимларининг хизмат сафари билан боғлиқ сабаб билан банд бўладиган бўлса, меҳмоннинг туриш вақтини узайтириш имконияти йўқлиги тўғрисида олдиндан хабар берилиши шарт.

Ётоқхонада яшовчиларнинг туриши ва дам олиши учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар санитария меъёрлари талаби асосида яратилган бўлиши шарт.

Ётоқхона туну-кун иш режимида фаолият юритади.

1.4. Ётоқхонадан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш миқдори оилавий ҳолда доимий яшайдиган тизим ходимлари ва бошқа меҳмонлар учун алоҳида белгиланади ва институт раҳбарияти томонидан тасдиқланади.

1.5.Ётоқхонанинг молиявий, моддий-техникавий   таъминланиши         ва сақланиши, ходимлар иш ҳақини тўлаш, моддий рағбатлантириш харажатлари Давлат статистика ишлари дастурига мувофиқ ажратиладиган маблағлар институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда ётоқхонада кўрсатилган хизматлар учун ва ижара ҳақи учун тўланадиган  тушумлар тарзидаги даромадлар ҳисобидан қопланади.

1.6. Ётоқхона ички тартиби институт директори томонидан тасдиқланган  “Меҳмонхона  туридаги  ётоқхона худуди ва бино ичида хавфсизликни ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги  йўриқнома қоидалари асосида мувофиқлаштириб борилади.

1.7. Ётоқхонага қабул қилинган тингловчи ва меҳмонларнинг фамилия, исми, отасининг исми, тўғилган жойи ва яшаш манзиллари тўғрисидаги маълумотлар меҳмонларни қайд этиш китобида (ип билан боғланган, номерланган ва муҳрланган китоб) рўйхатга олиб борилади.

Шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган ҳолда ётоқхонага кириш қатъиян ман этилади.

Ётоқхона ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари умумий функцияларидан   ва иш шароитидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

1.8.Ётоқхонада бўш бўлган хоналар корхона ва ташкилотларга, мулкчилик шаклидан қатъи назар, шартномавий асосда белгиланган қонун хужжатларига мувофиқ, институт раҳбарияти рухсати орқали ижарага берилиши мумкин.

 II. Ҳужжатларни расмийлаштириш  ва тўлов тартиби

2.1. Институтга малака ошириш учун ҳудудий статистика органларидан келган тингловчилар, хизмат сафари билан келган ходимлар ва бошқа мижозлар ётоқхонага фақат шахсини тасдиқловчи паспорт орқали қабул қилинади. Ҳарбийлар ҳарбий билетлари орқали ҳам қабул қилиниши мумкин.

Хизмат сафари билан келган тизим ходимлари паспорт ва сафар гувоҳномасини кўрсатиб жойлашади.

2.2.Малака оширишга келган тингловчилар ётоқхона учун пул тўламайдилар. Улар учун пул тўловлари, тузилган далолатномалар асосида, Давлат статистика қўмитаси томонидан  давлат статистика ишлари дастурини молиялаштириш маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

2.3.Хизмат сафари билан келган давлат статистика тизими ходимлари сафар гувоҳномасини кўрсатган ҳолда тизим ходимлари учун белгиланган нархларда ётоқхонага жойлашади.

2.4.Бошқа меҳмонлар институт маъмурияти томонидан белгиланган шартномавий баҳоларда, хоналар прейскуранти асосида, бўш жойларга қабул қилинади.

2.5.Бўш жойлар мавжуд бўлганда, келган меҳмон хоҳиши бўйича   2 ёки 3 ўринли хонани танлаши мумкин ва тўлиқ тўловни амалга оширгандан сўнг фойдаланишга берилади.

2.6.Ётоқхонада туриш учун тўловлар ягона ҳисоб-китоб вақти жорий сутканинг соат 1200 вақти билан амалга оширилади.

Ҳисоб-китоб қилинган вақтдан 12 соатгача бўлган вақт учун ярим суткалик ҳақ тўланади, 12 соатдан ортиқ вақт учун суткалик тўлиқ сумма тўланади.

Бир суткадан ортиқ бўлмаган вақтда яшаш учун ҳисоб-китоб вақтидан қатъий назар тўлиқ сутка ҳақи тўланади.

2.7.Меҳмон билан бирга келган 12 ёшгача бўлган болаларга (биттадан ортиқ бўлмаган ҳолда) алоҳида жой ажратилмаса, тўлов олинмайди.

 III. Жойларни олдиндан банд қилиш

 3.1.Институт маъмурияти ётоқхонада бўш жойлар мавжудлигида жойларни олдиндан банд қилиш (бронлаш) бўйича шартнома тузишга ҳақлидир.

Бўш жойлар мавжуд бўлганда юридик ва жисмоний шахслардан жойларни банд қилиб қўйиш бўйича оғзаки ёки ёзма тартибда буюртма олиниши мумкин.

3.2.Банд қилиш бўйича шартнома қуйидагиларни ҳисобга олади:

       жойларни банд қилиш тартиби;

       банд қилиш муддати;

       томонлар жавобгарлиги;

       шартнома мажбуриятларининг бажарилмаслиги бўйича жарима санкциялари.

 IV. Ётоқхонада яшовчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 4.1. Ётоқхонада яшовчи меҳмонлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

       санитария меъёрларига жавоб берадиган, тоза ва кенг хоналарни танлаши;

       энг кам талаблар бўйича бўлиши керак бўлган жиҳозларни хонада мавжуд бўлишини  талаб қилиш;

       меъёрда ишлайдиган сантехника жиҳозлари бўлиши, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланганлигини талаб қилиш;

      яроқсиз ҳолга келган ускуналар, кўрпа-ёстиқ ва бошқа жиҳозларни ўз вақтида алмаштириб турилишини талаб этиш;

      кўрсатилаётган хизматлардаги камчиликларни зудлик билан бартараф этилишини талаб этиш.

4.2.Ётоқхонада яшовчилар қуйидаги талабларни бажаришга маъсулдирлар:

      ушбу тартиб қоидаларига қаътий амал қилиш;

      ўзлари яшайдиган хонани саранжом тутиш;

      ўзаро ва ётоқхона ходимлари билан доимо самимий ва аҳил муносабатда бўлиш;

   ётоқхона ва хоналардаги мавжуд барча жиҳозлар (шкаф, кроват, тумбочка, стол-стул  ва  бошқалар) дан  эҳтиёткорона фойдаланиш;

     хонадаги мебелларга ва бошқа жиҳозларга, дераза ва унга қўйилган ойналарга зарар етказмаслик;

     хоналарда ва умумий фойдаланиш жойларида санитария ҳолатига риоя қилиш, сантехника ва электротехника воситаларидан тўғри  фойдаланиш ва тоза  тутиш;

   электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан  тежамли фойдаланиш, электр иситгич асбобларидан маъмурият рухсатисиз мутлақо фойдаланмаслик;

     техника ва ёнғин хавфсизлиги  қоидаларига риоя қилиш;

     ётоқхона учун тўланадиган тўлов ҳақини ўз вақтида тўлаб бориш;

    моддий зарар етказилган ҳолда амалдаги қонунларга мувофиқ зарарни қоплаш;

   дам олиш хонасида ва ётоқхона ҳудудида спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик, чекиш  учун  рухсат  этилган  махсус  жойлардан ташқари бошқа жойларда чекмаслик;

  хонада рухсатсиз бегона кишиларнинг бўлишига ва уларнинг тунаб қолишларига йўл қўймаслик;

  ётоқхона ичида шубҳали шахслар (шубҳали кўринган буюмлар) ва бошқа ҳолатлар аниқланган ҳолларда, зудлик билан навбатчи қоровулга хабар бериш;

   дераза ва балконлардан турли хил чиқинди ҳамда бошқа нарсаларни ташламаслик;

   фавқулодда ҳолатлар юз берганда ҳаракат қилиш тартиб қоидаларига риоя этиш, бошқа фуқароларга  ёрдам кўрсатиш;

   хонани топшириш чоғида барча хона жиҳозларини тўлиқ ҳолда ётоқхона ходимига топшириш.

 V.  Маъмурият вазифалари

5.1.Институт директори Давлат статистика қўмитаси раҳбарияти билан келишган ҳолда ётоқхона бошқарувчисини ишга тайинлайди.

5.2.Институт директори ётоқхона   маъмурияти орқали ётоқхона биносидан тўғри фойдаланиш ва унинг санитария ҳолати учун, унда белгиланган тартиб сақланиши, яшовчиларнинг маиший турмушини ташкил этиш учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни таъминлаб беришга масъул ҳисобланади.

5.3.Ётоқхона маъмурияти қуйидаги ишларни бажаради:

       ётоқхонанинг хоналарини жиҳозлаш ва уларни санитария талабларига жавоб берадиган тарзда сақлаш;

       хоналарни тегишли  мебель, кўрпа-ёстиқ,  чойшаб ва бошқа инвентарлар билан таъминлаш;

       юқорида кўрсатилган буюм ва жиҳозларни зарур ҳолларда ўз вақтида  таъмирлаш ва алмаштириш;

       ётоқхонани намунали хизмат кўрсатувчи ходимлар билан таъминлаш;

       аниқланган нуқсонларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш;

      меҳмонларни қабул қилганда уларни ички тартиб қоидалари, кўрсатиладиган хизматлар, тўловларни амалга ошириш тартиби ва бошқа хавфсизлик қоидалари билан таништириш.

      Ётоқхона маъмурияти меҳмонлар учун қуйидаги хизматларни (зарур ҳолларда) бепул амалга ошириши шарт:

      тез тиббий ёрдам хизматларини чақириш;

      тиббий аптечкадан фойдаланишни таъминлаш;

      қайнаган сув, нина, ип билан таъминлаш.

5.4.Ётоқхонага қабул қилинган тингловчи ва меҳмонларнинг фамилия, исми, отасининг исми, тўғилган жойи ва яшаш манзиллари тўғрисидаги маълумотлар меҳмонларни қайд этиш китобида (ип билан боғланган, номерланган ва муҳрланган китоб) рўйхатга олиб борилади.

      Шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган ҳолда ётоқхонага кириш қатъиян ман этилади.

5.5.Ётоқхонада озодалик ва ички тартибга риоя этилишини таъминлаш бўйича ётоқхона бошқарувчиси жавобгар бўлади.

5.6. Ётоқхона маъмурияти  қуйидагиларга масъулдир:

       ётоқхона биносида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, барча зарурий ашёлар билан жиҳозлаш;

       хоналарнинг тозалиги, ёритилиши ва иситиш тизимининг ишлаши;

       иссиқ ва совуқ сув билан таъминланиши;

       санитар тизим (ҳожатхона, ванна)ларнинг меъёрий ишлашини таъминлаш;

       спиртли ичимликларнинг истеъмол қилиниши ва жамоат тартибининг бузилишига йўл қўймаслиги;

       яшовчи меҳмонларнинг таклифларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва институт директори билан келишилган ҳолда ҳал этиш;

    яшовчи меҳмонлардан яшаш учун тўланган пул маблағларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳолда ўрнатилган тартибда институт ғазнасига топшириш.

5.7.Ётоқхона  маъмурияти меҳмон ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ўртасида юзага келган баҳс-мунозараларни Касаба уюшма қўмитаси раиси билан кўриб чиқади.

5.8.Маъмурият тингловчи ва меҳмонларнинг қимматли буюм ва пул маблағларини сақлаш учун жавобгар ҳисобланмайди.

5.9.Шикоят ва таклифлар китоби маъмурда сақланади. Ётоқхона маъмурияти  меҳмонларнинг биринчи талаби билан мазкур китобни беришга мажбурдир.

5.10.Китобга қайд этилган шикоят ва таклифлар институт маъмурияти томонидан кўриб чиқилади ва тегишли чоралар кўрилади.

 VI. Ётоқхонада Давлат статистика тизимида кўп йил ишлаб келаётган ходимларнинг вақтинча яшаш тартиби

6.1.Ётоқхонанинг 6, 7, 8 ва 9 - қаватларида бўш бўлган хоналарга оилавий турар жойга муҳтож бўлган тизим ходимлари, вақтинча яшашлари учун, “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти тасарруфидаги ётоқхона биносидан тизим ходимларига вақтинча турар жой ажратиш, бериш ва ундан фойдаланиш регламенти”га асосан, қўмита ишчи гуруҳининг якуний қарорига мувофиқ жойлаштирилади.

Ётоқхонага жойлашган ходим билан 5 кун ичида Регламентнинг 2-иловасига мувофиқ уч томонлама шартнома расмийлаштирилади.

6.2.Вақтинча яшаш учун турар жой ажратилган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари уларга ажратилган турар жойдан Регламент ва шартнома шартларига, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига, институт ётоқхонасида ўрнатилган ички тартиб қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда фойдаланишлари шарт.

 VII.Ётоқхона ходимларининг  жавобгарлиги

7. Ётоқхона ходимлари мазкур низомда белгиланган вазифа, функция   ва мажбуриятларни тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, ўзига берилган ваколатлар, ҳуқуқлардан қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилиши учун жавобгардирлар.



  • X
    Комментарий: Имя: Email:
    Введите код с картинки: