Асосий -> Институт ҳакида -> Кафедралар ва бўлимлар -> Ижтимоий муаммолар бўйича статистика тадқиқотлари бўлими

Ижтимоий муаммолар бўйича статистика тадқиқотлари бўлими

ИЖТИМОИЙ МУАММОЛАР БЎЙИЧА СТАТИСТИКА

ТАДҚИҚОТЛАРИ БЎЛИМИНИНГ

 НИЗОМИ

 

 

I. Умумий қоидалар

 1.Иқтисодий муаммолар бўйича статистика тадқиқотлари бўлими    Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги  Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтининг (бундан кейинги ўринларда “Институт” деб юритилади)  таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

2.Бўлим ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон  Республикасининг “Давлат статистикаси тўғрисида”ги қонунига, Олий Мажлис палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишларига, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, институт Уставига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.

3.Тадқиқот масалалари бўйича фаолиятини  Давлат статистика қўмитаси марказий аппаратининг  тегишли таркибий бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда юритади.

4.Бўлим ўз фаолиятини  директорнинг илмий ишлар, инновациялар  ва халқаро алоқалар бўйича  ўринбосари раҳбарлигида амалга оширади.

5.Бўлим таркибига, бўлим мудири, катта илмий ходим ва  кичик илмий ходим киради.

6.Бўлимда ҳужжатлар билан ишлаш институтнинг тасдиқланган номенклатураси асосида олиб борилади.

II.Бўлимнинг асосий вазифалари ва функциялари

7. Бўлимнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

алоҳида худудларда ва мамлакатимизда яхлит ижтимоий кўрсаткичларни ўрганиш, кузатиш ва таҳлил қилиш пировардида, ижтимоий муаммолар бўйича статистик тадқиқотларни амалга ошириш ва мос равишда илмий таклифлар ишлаб чиқиш;

ижтимоий статистика услубларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириб бориш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

ижтимоий статистика, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар юзасидан амалий тадқиқотларни олиб бориш;

ижтимоий статистика соҳасида тадқиқотлар ўтказиш бўйича маҳаллий ва халқаро лойиҳаларда иштирок этиш;

ижтимоий ва иқтисодиёт соҳасидаги бошқа ўқув юртлари ва илмий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш.

8.Бўлим юқоридаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги функцияларни бажаради:

давлат статистикаси тамойилларига ва халқаро стандартларга мос келувчи статистика услубларининг ягоналигига риоя қилади;

ижтимоий муаммолар бўйича статистика тадқиқотлари доирасида илмий-услубий ва ташкилий ишларни бажаради;

илмий ишларни амалга ошириш режаларини, бўлим ваколатига кирувчи меъёрий ва услубий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва уларни тасдиқлаш учун тақдим этади;

илмий-тадқиқот ишлари режа ва дастурларини, шунингдек услубий тавсияларни ва бошқа услубий ҳужжатларни чоп эттиради;

бўлимга юклатилган вазифаларни бажариш учун Давлат статистика қўмитасининг тегишли бошқармаларидан зарур маълумотларни олади;

олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларида қатнашиш учун илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда олий ўқув юртлари олимлари ва мутахассисларини ўрнатилган тартибда жалб этади;

ўзига юклатилган вазифаларни тўлиқ бажариш учун бошқа функцияларни бажаради.

III. Бўлимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

9. Бўлим қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат статистикаси амалиётида тадбиқ этиш учун халқаро статистика стандартлари бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш;

жаҳон тажрибасида кенг қўлланиладиган замонавий статистик таҳлил методларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

ижтимоий муаммолар бўйича статистика соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

республика ва хорижий мамлакатлар илмий тадқиқот муассасалалари билан ҳамкорлик доирасида тажриба алмашиш ва ахборот айирбошлашда қатнашиш;

тегишли масалалар муҳокамаси юзасидан институт Кенгаши йиғилишларида иштирок этиш;

илмий мақола, рисола, монография ва услубий қўлланмаларни тайёрлаш ва муҳокама қилишда иштирок этиш, уларга тақриз бериш ҳамда нашр учун тавсия этиш.

10. Бўлимнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

институт Устави ҳамда мазкур Низом ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни зарур даражада ҳамда самарали бажариш;

бўлимнинг тасдиқланган йиллик иш режаси асосида илмий-тадқиқот ишларини юқори савияда бажариш;

давлат статистикасининг асосий тамойилларига риоя этиш.

 IV. Бўлим фаолиятини ташкил этиш

11.Бўлим фаолияти илмий-тадқиқот ишларни қамраб олган истиқболли ҳамда жорий (йиллик) режаларга мувофиқ амалга оширилади.

Режалар ва бўлим фаолиятига тегишли бошқа вазифаларнинг бажарилиши бўлим мудири бошчилигида муҳокама этилади. Зарур ҳолларда, Давлат статистика қўмитасининг ходимлари, институт кафедралари ва бошқа бўлимларининг ходимлари, шунингдек бошқа таълим муассасаларидан ҳамда соҳага оид бошқа корхона ва ташкилотлардан ходимлар таклиф этилиши мумкин.

Тасдиқланган режага мувофиқ бўлим илмий-тадқиқот ишларини олиб боради, тугалланган илмий-тадқиқот ишларини муҳокама қилади, нашр этишга тавсия беради, шунингдек, уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга мониторинг қилади, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлашга эътибор қаратади.

Бўлим бюджетдан ташқари маблағларни жалб этишда иштирок этади, шунингдек, илмий- техникавий ёрдам кўрсатиш мақсадида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги долзарб масалалар юзасидан илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш бўйича ишлаб чиқариш корхоналари билан алоқалар ўрнатади.

Хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ижтимоий- иқтисодий статистика соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш асосида улар фаолиятидаги илғор тажрибаларни ўрганади, шунингдек ушбу тажрибалардан бўлим фаолиятида самарали фойдаланишни таъминлайди.

12. Бўлимда қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлиши керак:

бўлим фаолиятини тартибга солувчи меъёрий –хуқуқий ҳужжатлар тўплами;

бўлимда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишлари режалари ҳамда ходимларнинг мустақил иш режалари.

V. Бўлимнинг жавобгарлиги

13.Бўлим Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган муҳим устувор вазифалар ва замонавий талаблардан келиб чиқиб, шунингдек Ўзбекистон Республикаси “Давлат статистикаси тўғрисида”ги Қонуни, институт Устави  ҳамда ушбу Низомда белгиланган вазифалар, функциялар, мажбуриятларни тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, ўзига берилган ваколатлар, ҳуқуқлардан қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилиши учун жавоб беради.



  • X
    Комментарий: Имя: Email:
    Введите код с картинки: