Асосий -> Институт ҳакида -> Кафедралар ва бўлимлар -> Юридик хизмати

Юридик хизмати

ЮРИДИК ХИЗМАТИ

           НИЗОМИ

 

I. Умумий қоидалар

1.Ушбу Низом институтнинг Юридик хизматига (кейинги ўринларда - Юридик хизмат деб аталади) қўйиладиган талабларни,  ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.

2.Юридик хизмат - институтнинг фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида қонунчиликда белгиланган меъёр ва мезонларга мувофиқ мажбурий тартибда ташкил этилган мустақил (таркибий тузилма) лавозим ҳисобланади.

4.Юридик хизмат ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон  Республикасининг “Давлат статистикаси тўғрисида”ги қонунига, Меҳнат кодексига, Олий Мажлис палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишларига, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, институт Уставига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.

5.Институт Юридик хизмат кўрсатиш учун юрисконсульт ёки адвокат хизматидан меҳнат келишуви асосида фойдаланиши мумкин.

6.Юридик хизмат ходими лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган шахс ишлаши мумкин.

7.Юридик хизмат ходими лавозимга Давлат статистика қўмитаси Юридик хизмати ҳамда тегишли ҳудудий адлия бошқармаси билан келишилган ҳолда тайинланади ва озод қилинади.

8.Институтда заруратдан келиб чикиб, Юридик хизмат ҳуқуқшунос ёрдамчиси лавозими жорий этилиши мумкин.

Юридик хизмат ҳуқуқшунос ёрдамчиси лавозимида олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга бўлган шахс, шунингдек олий таълим муассасасининг “Юриспруденция” мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган бакалавриат босқичининг битирувчи курси талабаси ёки магистранти ишлаши мумкин.

9.Институтнинг Юридик хизмати ходимига мартаба даражалари қонунчиликда белгиланган тартибда берилади ҳамда кўп йиллик хизмат учун қўшимча тўлов ва устамалар қонунчиликда белгиланган тартибда тўланади.

10.Институтнинг Юридик хизмати ходими сифатидаги меҳнат стажи бошқа давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларига ўтганда, мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат учун қўшимча тўлов ва устамаларни тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи ҳисобига олинади.

11.Институтнинг Юридик хизмати ходими қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар уч йилда камида бир марта малакасини оширади ҳамда ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтади.

12.Институтда бир йилда бир марта институт фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликка риоя этилиши аҳволи тўғрисидаги Юридик хизматнинг ҳисоботи эшитилади.

13.Юридик хизмат бевосита институт директорига бўйсунади.

 II. Юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари ва функциялари

1.Қуйидагилар юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

институтнинг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш;

институт томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш;

институтнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида бошқарманинг тузилмалари ишини мувофиқдаштириш;

институт ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва аҳамиятини, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали етказишда иштирок этиш;

шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, институтнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш.

2.Юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишларини бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

 институтнинг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш соҳасида:

а) институтда, шунингдек тегишли тузилмаларда қонун бузилишларини, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан таклифлар киритади, ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

б) институт раҳбариятига тақдим қилинадиган буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказади ҳамда улар бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик хизмат томонидан институтнинг бошқа таркибий тузилмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади;

в) жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир этадиган институтнинг қарорлари юзасидан хулосалар беради;

г) мустақил равишда ёки бошқа тузилмалар билан биргаликда институтнинг буйруқлари, фармойишлари, шартномалари ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

д) институтда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганади, таҳлил қилади ва умумлаштиради, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ва раҳбариятга киритади;

е) институтнинг бошқа тузилмалари билан биргаликда бошқарма, тегишли тузилмалар ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликнинг бузилиши кўрсатилган аризалар, таклифлар ва шикоятларни кўриб чиқишда иштирок этади;

ж)     институтда бошқарув тизимини такомиллаштириш ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

з) институтда меҳнат ҳақидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлашда, шу жумладан меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни (меҳнат шартномаси, жамоа шартномаси, жамоа битими ва бошқаларни) ишлаб чиқишда иштирок этади, ушбу ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлигини текширади ва ҳуқуқий хулоса беради;

и) институт раҳбариятига қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш аҳволи юзасидан ҳисобот тақдим этади;

к) институт ходимларининг касаба уюшмалари ва бошқа вакиллик органларига ваколатларини амалга оширишда юридик ёрдам кўрсатади.        3.Институт томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш, қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш бўйича мувофиқлаштириш соҳасида:

а) Давлат статистика қўмитасининг норма ижодкорлиги фаолиятининг жорий ва истиқболли режаларини ишлаб чиқилиши, амалга оширилиши ва бажарилишида институт иштирокини таъминлайди ва мувофиқлаштиради.  Бунда Давлат статистика қўмитасининг 2016 йил        1 ноябрдаги 47-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг регламентига ва бу борадаги Давлат статистика қўмитасининг топшириқларига мувофиқ институт норма ижодкорлик фаолияти билан боғлиқ масалаларни амалга оширади ва унда иштирок этади.

б)  институт томонидан белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш зарурияти юзага келганда иштирок этади;

в) институтнинг ички меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқади ёхуд уларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

г) экспертизадан ўтказиш ёки келишиш учун тақдим этилган ички меъёрий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади, уларнинг қонунчиликка, қонунчилик техникаси қоидаларига, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги, шунингдек уларда коррупцияга сабаб бўладиган омилларнинг мавжуд эмаслиги юзасидан ҳуқуқий хулосалар тайёрлайди;

д) ички меъёрий ҳужжатларнинг лойиҳалари бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, уларга виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик хизмат томонидан институтнинг бошқа таркибий тузилмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади;

е) институтнинг тегишли соҳа фаолиятидаги амалдаги ички меъёрий ҳужжатларнинг уларда коррупцияга сабаб бўладиган омилларни аниқлашга каратилган таҳлилни ўтказади;

ж) институт фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади, институтга келиб тушган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган талабларга мувофиқ юритади, уларнинг сақланишини ва назорат холатида бўлишини таъминлайди;

и)      институтнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар фондини тўлдириш, шу жумладан фондни кодекслар, қонунлар, шархлар, ахборотномалар ва бошқа ҳуқуқий нашрлар билан бутлаш чораларини кўради,  раҳбариятга ҳуқуқий нашрларга обуна бўлиш ҳақида таклифлар киритади;

к) институт ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатлари тўпламларини нашр этиш бўйича таклифлар киритади;

л)      институт кафедра ва бўлимларининг ҳуқуқий ишларига методик ёрдам кўрсатади, тавсияномалар ва кўрсатмаларни ишлаб чиқади.

        4.Институт ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва аҳамиятини, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари оркали етказиш соҳасида:

а) институт раҳбарияти учун қонунчилик масалалари бўйича таҳлилий материаллар тайёрлайди;

б) институт ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш тадбирларини ташкил этиш тўғрисида таклифлар киритади, ушбу тадбирларни ўтказишда иштирок этади. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги       ПҚ-2761-сон қарорида ва уни бажариш юзасидан қабул қилинган ҳужжатларда белгиланган вазифаларни институт тизимида ижросини таъминлайди;

в) институт фаолиятига тегишли қонунчиликни тарғиб қилиш ишларини амалга оширади;

г) зудлик билан институт веб-сайтига жойлаштириш мақсадида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг мазмун ва аҳамияти тўғрисида маълумотлар киритади;

д) институт ходимларининг мурожаатлари бўйича тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни топишга кўмаклашади, зарур ҳолларда уларнинг қоидалари бўйича тушунтиришлар беради;

е) қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотларни, суд амалиётини, Адлия вазирлигининг, унинг жойлардаги бошқармаларининг ҳуқуқий ишларга тааллуқли кўрсатмаларини     институтга етказади ва ижросини таъминлайди.

5.Шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, институтнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида:

а) давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек фуқаролар билан низолар вужудга келганда, мустақил ёки бошқа таркибий тузилмалар билан биргаликда уларни судгача ҳал этиш чораларини кўради;

б) институт томонидан шартномаларни тайёрлаш ва тузиш ишларида иштирок этади, уларнинг қонунчиликка мувофиқлигини текширади ҳамда шартномалар лойиҳаларига, агар эътироз ва таклифлар бўлмаса, виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик хизмат томонидан институтнинг бошқа таркибий тузилмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади;

в) шартномаларни тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилади;

г) институт томонидан тузилган шартномаларни зарур даражада бажариш бўйича таклифлар киритади, шартномавий муносабатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

д) институтнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича талабномалар тайёрлашда ва институтга нисбатан билдирилган талабномаларни кўриб чиқишда иштирок этади, бошқармада талабномалар билдириш ва уларни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

е) институтнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари аҳволини ўрганади, уларнинг миқдорини камайтириш чораларини кўради;

ж)      шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар юзасидан даъво ишларини олиб боради;

з) институтнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлашда ҳамда белгиланган тартибда суд мажлисларида иштирок этади;

и) мулкни сақлаш масалалари бўйича ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлар лойиҳаларининг қонун ҳужжатларига мувофиқдигини текширади ва уларни тайёрлашда иштирок этади;

к) институтда мулкнинг талон-торож қилиниши, камомад ва ноишлаб чиқариш ҳаражатларининг келиб чиқиши сабаблари ва шароитларини тахдил қилади ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўради, мулкнинг талон-торож қилиниши ва камомад ҳолатлари бўйича материалларни ҳуқуқни мухофаза қилиш органларига юбориш учун расмийлаштиради;

л) моддий бойликлар ва пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек қонун бузилишлари ва суиистеъмоллар аниқланган аудиторлик текширувлари ва хатловдан ўтказиш далолатномалари бўйича ҳуқуқий хулосалар беради.

6.Институтнинг юридик хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.

7.Юридик хизматга ушбу Низомда ёки бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган функциялар юклатилишига йўл қўйилмайди.

 III. Юридик хизматнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги

1.Юридик хизмат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

институтга келиб тушаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни танишиш, хизматда фойдаланиш ва уларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиш учун биринчи навбатда олиш;

институт шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларнинг мансабдор шахсларидан    юридик    хизматга   юкланган вазифаларва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни олиш;

раҳбарият томонидан чақириладиган ҳуқуқий масалаларга тегишли йиғилишлар, кенгашлар ва мажлисларда иштирок этиш;

раҳбарият топшириғига кўра ёки тегишли тузилма раҳбарининг розилиги билан уларнинг ходимларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқаҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун, ҳуқуқий ишларни амалга ошириш билан боглик бошқа тадбирларга жалб қилиш;

қонунчиликка зид бўлган, қонунчилик техникаси талабларига жавоб бермайдиган ички меъёрий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ижрочиларига пухта ишлаш учун қайтариш, ўз эътирозларини асослаган ҳолда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида ҳуқуқий хулосалар бериш, раҳбарият топшириғига кўра ёки ўз ташаббуси билан бошқа тузилмалар билан биргаликда ушбу лойиҳаларни пухта ишланишида иштирок этиш;

институт таркибий бўлинмалари ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилиниши масалаларини мунтазам ўрганиш, қонун ҳужжатлари бажарилишини таъминламаётган ёхуд уларни бузаётган раҳбарлари ва ходимларини жавобгарликка тортиш ҳақида раҳбариятга таклифлар киритиш;

институтда ўтказиладиган текширишлар, тафтишлар ва хатловларда, шунингдек уларнинг якунлари бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан ҳуқуқий хулосалар бериш;

талабнома-даво тартибида институт фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробардан кўп бўлмаган миқдорда мукофот олиш.

Юридик хизмат қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

2.Юридик хизмат:

унга ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан юкланган функцияларни зарур даражада ва самарали бажариши;

институтда қонун бузилиши холатлари аниқланганлиги тўғрисида зудлик билан тўғридан-тўғри юқори турувчи органга, Адлия вазирлигининг жайлардаги бошқармаларига ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши;

Давлат статистика қўмитаси ва унинг Юридик хизмати томонидан берилган вазифалар ва топшириқларни ўз ватида, сифатли ва тўлиқ бажариб бориши;

Давлат статистика қўмитаси ва унинг Юридик хизмати томонидан шакллантирилган ҳисобот шаклларига мувофиқ ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган муддатларда топширилишини таъминлаши;

белгиланган тартибда ва муддатларда малака ошириши ва аттестациядан ўтиши шарт.

3.Юридик хизмат ўзи виза қўйган ҳужжатларнинг ва ўзи берган хулосаларнинг қонунчиликка мувофиқлиги учун жавоб беради.

Юридик хизмат ходими ўз мажбуриятлари ва функциялари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун қонунҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

 IV. Ушбу Низомнинг бажарилишини назорат қилиш

1.Ушбу Низомга риоя этилишини назорат қилиш Давлат статистика қўмитасининг Юридик хизмати ҳамда Адлия вазирлигининг жойлардаги бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Давлат статистика қўмитасининг Юридик хизмати ҳамда Адлия вазирлигининг жойлардаги бошқармалари ўз ваколатлари доирасида ушбу Низом ва юридик хизматлар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари талабларининг Юридик хизмат ходими ва бошқа мансабдор шахслар томонидан бузилишининг аниқланган ҳолатларини бартараф этишга, шунингдек айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортишга йўналтирилган чораларни кўради.

Давлат статистика қўмитасининг Юридик хизмати ҳамда Адлия вазирлигининг жойлардаги бошқармалари юридик хизмат фаолиятига тегишли ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни институтдан сўраб олиш ҳуқуқига эга.

2.Давлат статистика қўмитасининг Юридик хизмати ҳамда Адлия вазирлигининг жойлардаги бошқармалари институтда ҳуқуқий ишларни мувофиқдаштиришни амалга оширади, уларни яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқади, юридик хизматга кўрсатмалар беради, шунингдек йўл қўйилган аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш юзасидан методик ёрдам кўрсатади.

3.Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



  • X
    Комментарий: Имя: Email:
    Введите код с картинки: