Ассосий -> Саволлар ва Жавоблар

Саволлар ва Жавоблар


Қуйида Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида ташкил этиладиган малака ошириш курсларига жалб қилинадиган давлат статистика тизими ходимлари, шунингдек сайтдан фойдаланувчилар томонидан институт фаолиятига ва меҳнат қонунчилигига оид кўп бериладиган саволлар ва уларга жавоблар келтирилган:

 

1. Савол: Мен Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида ўтказиладиган ўқув курсига режа асосида жалб қилиндим. Сизларга тақдим қилиш учун ўзим билан қандай ҳужжатларни олиб боришим керак?

Жавоб: Ўқув курсида иштирок этувчи тингловчилар  ўзлари билан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, яъни фуқаролик паспортини ва хизмат сафари гувоҳномасини олиб келишилари керак бўлади.

 

2. Савол: Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида ўтказиладиган ўқув курсида биринчи марта иштирок этаман. Шунинг учун машғулотлар кимлар томонидан ва қандай шаклда ўтказилиши тўғрисида маълумот олмоқчи эдим.

Жавоб: Ўқув курсларининг мавзусига қараб, дарслар институтнинг Ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли иқтисодиёт кафедраси, Макроиқтисодий статистика ва миллий ҳисоблар кафедраси профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида маъруза ва аудитория машғулотлари тарзида (проектор ёрдамида тақдимот шаклида) ўтказилади. Шунингдек, машғулотларга Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти ва бошқа олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, дарсларни амалиёт билан боғлаш мақсадида эса Давлат статистика қўмитаси ва бошқа ташкилотлардан тажрибали мутахассислар ҳам таклиф этилади.     

 

3. Савол: Мен қатнашадиган ўқув курси бошланишидан бир кун олдин келиб, институт ҳузуридаги ётоқхонага жойлаша оламанми?

Жавоб: Сиз ўқув курси давомида институт ҳузуридаги меҳмонхона туридаги ётоқхонада яшамоқчи бўлсангиз, ўқиш бошланишидан бир кун олдин келиб ҳам ётоқхонадан жой олишингиз мумкин. Ётоқхона маъмурияти тизим ходимларидан иборат тингловчиларни яшаш учун етарли шароитларга эга бўлган хоналар билан таъминлаш имкониятига эга. Ўз навбатида, агар Сиз институт ётоқхонасида истиқомат қилсангиз, яшаш харажатлари Давлат статистика қўмитаси томонидан марказлашган ҳолда қоплаб берилади.

 

4. Савол: Институтда ҳар кунлик ўқув машғулотлари неча соат давом этади?

Жавоб: Барча ўқув курслари бўйича дарс жараёнлари эрталаб соат 09.00 да бошланиб, 15.20 га қадар давом этади. Соат 13.00-14.00 гача тушлик вақти деб белгиланган.

 

5. Савол: Ўқув курслари давомида зиёратгоҳларга, театр ва музейларга, шунингдек Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар кўзда тутилганми?

Жавоб: Ташкил этилган ҳар бир ўқув курси давомида  тингловчилар ўзаро келишган ҳолда ва гуруҳ раҳбари бошчилигида пойтахтдаги мавжуд ўзлари хоҳлаган маданият масканларига, зиёратгоҳларга боришлари мумкин. Маълумот ўрнида, институтда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни маънавий-маърифий ишлар куни деб белгиланган.

 

6. Савол: Ўқув курсининг якунида менга қандай тасдиқловчи ҳужжат берилади?

Жавоб: Ташкил этилган ўқув курсининг кадрларни қайта тайёрлаш ёки малака ошириш бўйича йўналишидан келиб чиққан ҳолда, дарсларга тўлиқ қатнашган, якуний битирув малака ишини ва тест синовларини муваффақиятли топширган тингловчиларга белгиланган намунадаги диплом ёки гувоҳнома берилади.

 

7.  Савол: Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида давлат статистика тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларининг давомийлиги турлича. Бу курсларнинг фарқи нимада?

Жавоб: Институтдаги ўқув курслари, тингловчиларнинг тоифасига қараб, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курслари шаклида ташкил этилиши мумкин. Қайта тайёрлаш ўқув курси давлат статистика тизимида ишлаётган, бироқ аввал олган маълумотлари (олий ёки ўрта-махсус) статистика ва иқтисодиёт бўлмаган ходимлар учун мўлжалланган. Бу ўқув курсида тингловчилар давомийлиги 576 соат бўлган ўқув дастурини ўтадилар ва курс охирида битирув малака ишини ҳимоя қиладилар ҳамда муваффақиятли тугатган тингловчиларга белгиланган намунадаги диплом берилади. Малака ошириш ўқув курси давлат статистика органларида фаолият юритаётган барча тоифадаги ходимлар учун мўлжалланган бўлиб, давомийлиги камида 36 соатни ташкил этади. Тизимга янгидан ишга қабул қилинган, лекин тегишли тажриба ва малакага эга бўлмаган шахслар ишга кирган вақтдан бошлаб бир ой давомида малака ошириш ўқув курсларидан ўтишлари мажбурий ҳисобланади. Шунингдек, тизим таркибидаги юқори ташкилотларга ишга ўтаётган ходимлар янги лавозимга ўтган кундан бошлаб кейинги уч ой ичида тегишли ўқув курсларида малака оширишлари керак. Умуман, амалдаги тартибга мувофиқ, тизимда фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходим ҳар икки йилда камида бир марта малака ошириш курсларига қамраб олиниши лозим. Малака ошириш курсларини тугатган тингловчиларга белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.

  

8. Савол: Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти томонидан ташкил этиладиган сайёр ўқув курси тўғрисида қисқача маълумот берсангиз?

Жавоб: Ҳудудларда ташкил этиладиган сайёр ўқув курси ҳам давлат статистика органлари тизимида фаолият юритаётган ходимлар малакасини оширишнинг бир шакли ҳисобланади ва махсус мавзу бўйича барча тоифадаги мутахассислар учун ўтказилади. Жумладан, 2018 йилда “Статистика фаолиятида электрон ҳужжат айланиши, “Электрон ҳукумат” миллий тизимини ривожлантириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш” мавзусидаги 48 соатлик ўқув курси 7та ҳудудда ташкил этилди ва 98 нафар ходимлар малакаларини оширдилар. Шунингдек, 2019 йилда ҳам дастурга мувофиқ,“Статистика фаолиятида “Электрон ҳукумат” миллий тизими ва ахборот хавфсизлиги” мавзусида 48 соатлик сайёр ўқув курси ташкил этилиши кўзда тутилган.

 

9. Савол: Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида ташкил этиладиган ўқув курслари фақат давлат статистика тизими ходимлари учунми, ёки бошқа соҳа вакиллари ҳам ўқишлари мумкинми? 

Жавоб: Давлат статистика қўмитаси томонидан тасдиқланадиган “Давлат статистика органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш дастури”га асосан институтда ташкил этилаётган курсларнинг ўқув дастурлари бевосита тизим  ходимлари учун мўлжаланган. Шу билан бирга, ўз Уставига мувофиқ, институт томонидан иқтисодиётнинг бошқа соҳалари ходимлари учун ҳам шартнома асосида тегишли ўқув курсларини ташкил этади.  

 

10. Савол: Агар ходимга меҳнат таътили даврида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган бўлса, бу ҳолат таътил кунларига қандай таъсир кўрсатади?

 Жавоб: Ходим меҳнат таътилида бўлган даврда соғлиғи ёмонлашган ва унга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган бўлса, Меҳнат кодексининг 145-моддасига асосан, унинг меҳнат таътили кунлари мос равишда узайтирилади.

  

11. Савол: Гуруҳ ногиронлиги мавжуд бўлган ходимлар биринчи ишга кирган вақтдан олти ой ўтмасдан меҳнат таътили олишлари мумкинми?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 143-моддасига асосан, 1 ва 2 гуруҳ ногиронларига, уларнинг ҳоҳиши бўйича, ишга қабул қилинган вақтдан олти ой ўтмасдан олдин меҳнат таътилиши берилиши мумкин.

  

12. Савол: Мен олий ўқув юрти битирувчисиман, иш берувчи ишга қабул қилишда менга синов муддати қўйиши мумкинми?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 84-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосан, олий ўқув юрти битирувчиларига нисбатан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётганларида иш берувчи томонидан дастлабки синов муддати белгиланмайди.

Мазкур рукнда сиз ўзингизни қизиқтирган саволларни бериб, жавобларни олишингиз мумкин.

Сизнинг исмингиз:

Савол:

Расмдаги кодни киритинг: