Асосий -> Ҳамкорлик -> Халқаро -> Халқаро ҳамкорлик давр талаби

Халқаро ҳамкорлик давр талаби

  Бугунги кунда Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг иш фаолияти 2002 йил 12 декабрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат статистикаси тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 июлдаги ПҚ-3165 - сонли “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.  

  Давлат статистика тизимида муқаддам миллий иқтисодиёт, тармоқлар ва соҳалар бўйича статистик маълумотларни нафақат оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, ҳаттоки мутахассислар томонидан ҳам олиш имконияти чекланган эди. Пировардида бу мутахассислар ва олимлар томонидан илмий тадқиқот фаолиятини олиб боришлари учун катта тўсиқ бўлар эди.

 Шунингдек, тизимда халқаро алоқалар ҳам давр талабида эмас эди. Турдош қўмита, илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик, меморандум ёки шартномалар тузиш кўрсаткичлари ҳам бармоқ билан санагулик эди. Бундай ҳолат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида қайд этилган 2017 йил 31 июлдаги ПҚ -3165 - сонли қарорида алоҳида: “бешинчидан, статистик маълумотларни халқаро статистик нашрларда чоп этиш орқали хорижий бизнес-ҳамжамияти ва халқаро жамоатчиликнинг кенг доирасини республикада олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижалари тўғрисида хабардор этиш механизмларидан суст фойдаланмоқда” деб, жуда ўринли қайд этиб ўтилган. Ўз-ўзидан намоён бўлаяптики, хорижлик ҳамкорлар билан алоқаларни изчил ташкил этмасдан тўриб, соҳа ва тизимни давр талабига мос равишда ривожлантириш мумкин эмас. 

   Кейинги икки йил мобайнида тизимга жуда катта эркинликлар берилиши натижасида мамлакат, ҳудудлар ва тармоқлар бўйича шаклланаётган макроиқтисодий кўрсаткичлар ОАВлари орқали кенг ёритилиб келмоқда. Қўмитанинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланган Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари марказида ҳам ўз фунционал вазифаларини бажариш билан бирга, юқорида қайд этиб ўтилган меъёрий ҳужжатлар талаблари ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўлами кенг, лекин халқаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқдир.

   Марказ раҳбарияти томонидан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида қилинган ишлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, биргина жорий йилнинг ўзида Қозоғистон Республикасида фаолият юритаётган турдош ОТМлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Жумладан, Марказ томонидан Остона шаҳрида жойлашган Қозоғистон иқтисодиёт, молия ва халқаро савдо университети, Олмоата иқтисодиёт ва статистика академияси билан ўзаро ҳамкорлик келишувлари имзоланди.

Ҳамкорлик қилишнинг марказий бўғинида профессор-ўқитувчиларнинг тажриба алмашиши, ҳамкорликда турли анжуманлар ташкил этиш, соҳадаги илғор ютуқлар билан ўртоқлашиш, илмий тадқиқотларни ҳамкорликда бажариш ва халқаро грантларда биргаликда иштирок этиш ва соҳага оид бошқа масалалар назарда тутилган.

   Шу билан бирга, халқаро ҳамкорлик географиясини янада кенгайтириш бўйича ишлар давом эттирилаётган бўлиб, яқин истиқболда Россия Федерацияси, Белоруссия Республикаси ва Жанубий Кореянинг турдош таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳам ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши кутилмоқда.

   Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ушбу ишлар соҳага оид топшириқлар ижросининг бир қисми холос. Истиқболда кадрлар малакасини оширишда ҳам хорижий тажрибалар кенг қўлланилади. Шунингдек, қўмита томонидан топширилган тармоқлар статистикаси амалиётини такомиллаштириш йўналишидаги тадқиқот ишларини ҳам ўз вақтида ва сифатли олиб боришни давр тақоза этмоқда.

    Макроиқтисодий муаммолар бўйича статистик тадқиқотлар  бўлими



  • X
    Комментарий: Имя: Email:
    Введите код с картинки: